Электр энергиясини ҳисобга олиш тартиби белгиланди
Электр энергиясини ҳисобга олиш тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат қарори (749-сон, 27.11.2025 й.) билан “Электр энергиясини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сақлаш ва истеъмол қилиш жараёнларида ҳисобга олиш тизимига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Ҳисобга олиш тизими қуйидаги таркибий қисмларни ўз ичига олади:
актив ва реактив энергия миқдорини ҳисобга оладиган ҳисоблагич ва унга қўшимча равишда ўрнатилган импульсни қайд этиш мосламаси, вақт манбаи ва батареяси;
аниқлик синфи ва юкламасини ҳисоблаш аниқлигига мос бўлган ўлчов трансформаторлари;
иккиламчи занжирлар, улаш симлари, синов блоки ёки ўчириб-ёқиш қурилмаси, юклама резисторлари, ҳисоблагич шкафи, хавфсизлик муҳрлари ва қулфлари.
Электр энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш жараёнида ҳисобга олиш тизимининг умумий нисбий хатолиги баҳоланиши ва уни минималлаштириш бўйича чоралар кўрилиши лозим.
Шунингдек, ҳар бир ҳисобга олиш нуқтаси бўйича автоматик тарзда маълумотлар журналини юритиш мажбурий ҳисобланади.
Ушбу журналлар камида 5 йил муддатда сақланиши ва ахборот хавфсизлиги талабларига мос равишда архивланиши лозим.