Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Спорт 11/07/2025 Элдор Шомуродов расман «Истанбул Башакшеҳир»га ўтди

Элдор Шомуродов расман «Истанбул Башакшеҳир»га ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов расман клубини алмаштирди — у Италиянинг «Рома» жамоасини тарк этди ва фаолиятини Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубида давом эттиради. Бу ҳақда ҳар икки жамоа матбуот хизмати маълум қилди.

Машҳур инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, ўтиш жараёни мажбурий сотиб олиш шарти билан ижара асосида амалга оширилган: Истанбул клуби вақтинчалик трансфер учун 3 миллион евро, ижара якунлангандан сўнг эса яна 2,7 миллион евро тўлайди. Шунингдек, келишувда кейинчалик футболчини сотишдан «Рома» 10 фоиз улуш олиши белгиланган.

Янги клуб билан 30 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчи 2 йиллик шартнома имзолайди, кейинчалик яна 1 йилга узайтириш имконияти бор.

Шомуродов 2021 йили «Рома»га ўтган ва римликлар сафида 85та ўйин ўтказиб, 13та гол урган. Унинг Лига конференцияларидаги «Трабзонспор»га қарши ўйиндаги дебют голи энг эсда қоларли вазиятлардан бири бўлган — бу гол ғалабани таъминлаган ва кейинчалик клубнинг ушбу турнирдаги зафарли йўлини бошлаб берган.

2023 йил январь ойида у «Специя»га ижара асосида ўтган, кейинги 2023/2024 мавсумида эса Клаудио Раньери бошқарувидаги «Кальяри» жамоасида тўп сурди.

Италия клуби билан хайрлашар экан, Элдор Шомуродов ижтимоий тармоқларда самимий мурожаат эълон қилди:

«‘Рома’ билан хайрлашиш ваҚти келди. Бу клуб менга унутилмас хотиралар, голлар, кураш ва ўзига хос онларни совға қилди. Бу формада тўп суриш мен учун шараф бўлди. Ҳар бир дақиқа, ҳар бир гол ва ҳар бир сабоқ учун миннатдорман. ‘Рома’ менинг қалбимда абадий қолади».

Ўз навбатида, «Рома» клуби ҳам Элдорга миннатдорчилик изҳор қилди ва янги фаолиятида муваффақият тилади.

Эслатиб ўтамиз, «Истанбул Башакшеҳир» жамоаси ўтган мавсум Туркия чемпионатини бешинчи ўринда якунлаб, еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг