Элдор Арипов: Сайёрамиздаги ҳар 25 киши ўз мамлакатидан ташқарида яшайди ва ишлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари Сочи шаҳрида бўлиб ўтаётган «Валдай» халқаро мунозара клубининг 22 йиллик йиғилишида иштирок этмоқда. Форум мавзуси – "Кўп марказли дунё: фойдаланиш қўлланмаси."
"Халқларнинг буюк кўчиши ёки давлатларнинг буюк қайта қурилиши?" сессиясида сўзлаган нутқида Э.Арипов бугунги кунда миграция глобал ижтимоий-иқтисодий жараёнларни акс эттириб, замонавий тараққиётнинг табиий қисмига айланиб бораётганини таъкидлади. Унинг БМТ маълумотларига таяниб айтишича сайёрамиз аҳолисининг ҳар 25 тадан бири ўз мамлакатидан ташқарида яшайди ва ишлайди.
Институт директори Евросиё минтақасида ассиметрик демографик тенденциялар кузатилаётганини алоҳида таъкидлади. Айрим давлатлар аҳоли қариши ва меҳнатга лаёқатли фуқаролар улушининг камайиши каби муаммоларга дуч келаётган бўлса, бошқаларида аҳолининг барқарор ўсиши ҳамда ёшларнинг меҳнат бозорига оммавий равишда кириб келишини кузатиш мумкин.
Ушбу қарама-қарши тенденциялар объектив равишда ўзаро демографик ҳамкорлик учун шароит яратади, бунда баъзи мамлакатларнинг эҳтиёжлари бошқаларнинг салоҳияти билан мувозанатлаштирилиши мумкин.
Ушбу фикрни давом эттириб, СМТИ директори давлатларнинг ўзаро инсон алмашиш қобилияти иқтисодий ўсиш ва халқаро рақобатбардошликнинг асосий омилларидан бирига айланаётганини қайд этди. Германияда мигрантлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 5 фоизини, Канадада эса 16 фоизини ташкил қилади.
Шу нуқтайи назардан, Э.Арипов Марказий Осиё мамлакатларининг умумий аҳолиси аллақачон 80 миллион кишидан ошганини, уларнинг қарийб 65 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини таъкидлади. Бундан ташқари, экспертнинг қўшимча қилишича, 2050 йилга бориб минтақа аҳолиси сони 100 миллиондан ошади, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони эса 51 миллиондан 70 миллионга етади.
Шу билан бирга, у Ўзбекистонда ўртача ёш атиги 28 ёш экани, меҳнат бозорига ҳар йили 650-700 минг ёшлар кириб келаётганига эътибор қаратди. "Бу қуруқ рақамлар эмас, балки эртанги куннинг қиёфасидир," - дея таъкидлаган мутахассис, мамлакат сиёсати демографик салоҳиятни иқтисодий ўсиш манбаига айлантиришга қаратилганини қўшимча қилди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон мисоли демографик тенденциянинг иқтисодий тузумни қандай ўзгартираётганини яққол кўрсатиб беради. "Бизнинг йўналишимиз аниқ: ёш авлодни ижтимоий чақириқ эмас, балки барқарор тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш," - дея якунлади Э. Арипов.
Делегация раҳбари Ўзбекистон стратегиясининг учта асосий йўналишига батафсил тўхталиб ўтди.
Биринчидан, Институт директори таъкидлаганидек, давлат сиёсатининг устувор йўналиши инсон капитали сифатини оширишга сармоя киритишдан иборат. Сўнгги ўн йил ичида мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси деярли уч баробар – 27 фоиздан 74 фоизгача, олий таълим билан қамраб олиш даражаси эса беш баробардан кўпроқ – 9 фоиздан 46 фоизгача ўсди. Университетлар сони 220 тадан ошиб кетди, уларнинг 35 таси хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари бўлиб, бу академик муҳит стандартларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
STEM йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда 500 мингдан зиёд ўқувчига математика, информатика ва робототехника фанларини чуқурлаштириб ўқитилиб, таълим тизими босқичма-босқич рақамли давр талабларига мослаштирилмоқда. Э.Арипов Жаҳон банки маълумотларига таяниб, ўзбек ёшларининг рақамли саводхонлик даражаси аллақачон Шарқий Европа мамлакатлари билан таққосласа бўладиган даражада эканлигини таъкидлади.
Иккинчидан, Элдор Арипов қайд этишича, Ўзбекистон "виртуал миграция" форматини фаол ривожлантирмоқда, бунда фуқаролар ўз ватанида бўлиб, глобал бозорлар учун ишлайди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 15 дан ортиқ IТ-парклар мавжуд бўлиб, уларда 3 мингдан ортиқ резидентлар фаолият юритади ва ҳар ойда 35 га яқин янги IТ-парклар рўйхатдан ўтказилади.
Унинг таъкидлашича, рақамли хизматлар экспорти ҳажми аллақачон 900 миллион доллардан ошган ва 2030 йилга бориб 5 миллиардга етиши мумкин. Шу билан бирга, айнан ёшлар технологик ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади: ҳар учинчи стартап 30 ёшгача бўлган одамлар томонидан яратилади. Бундай динамика иқтисодиёт тузилмасида сифат жиҳатдан ўзгариш рўй бераётганидан далолат.
Ёшлар тобора кўпроқ анъанавий ёлланма ишчи моделидан воз кечиб, ўз бизнесини яратиш йўлини танлашмоқда. Э.Арипов бу мустақиллик, ижодкорлик ва технологик етакчиликка йўналтирилган янги билимлар иқтисодиётини шакллантиришнинг муҳим белгиси эканлигини таъкидлади.
Учинчидан, Ўзбекистон циркуляр миграция моделига эътибор қаратмоқда, деди эксперт. Ўзбекистонда фуқароларга хорижда қонуний меҳнат қилиш, касбий тажриба орттириш ва уни миллий иқтисодиётни ривожлантириш учун қўллаш имконини берувчи шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бунинг учун Ўзбекистонга қайтаётган мигрантларга солиқ ва молиявий имтиёзлар берилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида бу мақсадлар учун қарийб 10 млн. доллар ажратилди. “Мамлакатда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2025 йил бошидан буён 700 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири Ўзбекистонга қайтиб келди,” – дея қайд этди СМТИ директори.
Шу билан бирга, меҳнат миграцияси сифатини ошириш бўйича ишлар ҳам кучайтирилмоқда. Тобора кўпроқ ўзбекистонликлар бандлик стандартлари юқори бўлган мамлакатларни танламоқда ва давлат сиёсати аста-секин бу ўзгаришларга мослашмоқда.
Мамлакатда мономарказлар ташкил этилиб, уларда 150 мингдан ортиқ киши ўқитилди, шунингдек, мигрантларнинг малакасини текшириш имконини берувчи рақамли платформалар, жумладан SkillsUz ишга туширилди. Натижада 2024 йилда 10 мингдан ортиқ фуқаро Европа Иттифоқи, Саудия Арабистони ва Қатарда расман иш билан таъминланди. Германия билан меҳнат мобиллиги тўғрисида битим имзоланди, Жанубий Корея ва Япония билан қишлоқ хўжалиги, логистика, технология соҳаларида ишлаш учун касбий ва тил ўргатиш дастурлари жорий этилмоқда.
Э. Арипов ўз нутқининг якунида миграция феноменига нисбатан ёндашувларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. "У энди қисқа муддатли ишчи кучи танқислигини бартараф этиш воситаси сифатида эмас, балки иқтисодиёт ва жамиятни ўзгартиришнинг тизимли асосига, миллий тараққиётнинг стратегик бойлигига, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг муҳим элементига айланмоқда," - дейди СМТИ директори.
Унинг сўзларига кўра, бир томонлама чеклов ва назорат сиёсати меҳнат оқимларини яширин йўлларга йўналтиради, давлатлар ўртасидаги ишончни заифлаштиради.
Шу нуқтайи назардан, Э. Арипов барча томонлар - жўнатувчи, қабул қилувчи мамлакатлар ва мигрантларнинг ўзлари учун ўзаро манфаатли шарт-шароитларни таъминлайдиган қўшма стандартлар, шаффоф механизмлар ва мослашувчан келишувларни шакллантириш зарурлигига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, «Валдай» халқаро мунозара клуби, Ташқи ва мудофаа сиёсати кенгаши, Россия халқаро муносабатлар кенгаши, МГИМО ва "Олий иқтисодиёт мактаби" Миллий тадқиқот университети томонидан ташкил этилган форумда Европа, Осиё, Африка, Яқин Шарқ, Шимолий ва Жанубий Америка, шунингдек Марказий Осиёдаги 42 мамлакатдан 140 дан ортиқ мутахассис иштирок этди.
Тадбирнинг юқори мартабали меҳмонлари ва спикерлари орасида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Максим Орешкин, Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари Александр Новак ва Москва мери Сергей Собянин бор.