Валюта курслари 18/09/2025
$1 – 12254.27
UZS – -0.25%
€1 – 14516.41
UZS – 0.01%
₽1 – 147.89
UZS – -0.49%
Қидириш
Элдор Арипов БМТда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида нутқ сўзлади

Элдор Арипов БМТда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида нутқ сўзлади

Элдор Арипов БМТда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида нутқ сўзлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида таниқли сиёсатшунос, сенатор ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти ўтказилди, дея хабар берилади СМТИ саҳифасида.

Тадбирда 100 га яқин киши – БМТ раҳбарияти, дипломатик миссиялар раҳбарлари, шунингдек, таҳлилий доиралар, фуқаролик жамияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тақдимотда асосий эътибор Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий йўналишлари ва босқичларига қаратилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ўзгаришлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тизимли ва комплекс янгилашга қаратилган узоқ муддатли, пухта ишланган стратегия экани таъкидланди.

Ушбу стратегиянинг амалий ижросига бағишланган тақдимотда СМТИ директори Элдор Арипов сўзга чиқди. Унинг таъкидлашича, "Замонавий Ўзбекистон ўн йил аввалгидек эмас, балки бугун яратилаётган - самарали фаолият юритаётган институтлар, савдо ва ҳамкорлик учун очиқ чегаралар, таълим олиш имкониятининг кенглиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш, жамиятда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш билан тавсифланади."

 "Ўзбекистондаги ўзгаришлар бутун Марказий Осиёнинг трансформациясига кучли туртки берди. Очиқ ва жадал ривожланаётган Ўзбекистон минтақадаги мулоқот ва ҳамкорликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда", дея таъкидлади СМТИ директори.

Шу билан бирга, экспертнинг қайд этишича, мамлакатнинг фаол ташқи сиёсати минтақавий ташаббуслар билан чекланиб қолмайди. Мамлакат БМТ фаолиятига конструктив ҳисса қўшиш, тинчлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, шунингдек, глобал бошқарув тизимининг адолатлилиги, самарадорлиги ва инклюзивлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга интилади.  Шундай ёндашувни қўллаш орқали Ўзбекистон ўзини ҳамкорлик, мулоқот ва жамоавий масъулият тамойилларини қўллаб-қувватлайдиган ишончли халқаро ҳамкор сифатида намоён этди.

Тақдимот доирасида мазмунли муҳокамалар бўлиб ўтди, унда БМТ раҳбарияти ва дипломатик миссиялар раҳбарлари республиканинг миллий ислоҳотчилик кун тартиби БМТ мақсад ва вазифаларига мос келишини эътироф этдилар. Ўзбекистон Президентининг сиёсий йўли Ташкилотнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги тамойилларини илгари суриш, барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқаролар иштирокини кенгайтириш каби устувор йўналишларига ҳамоҳангдир.

БМТ Бош котиби ёрдамчиси M.Yencha ўз нутқида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсий жасорат, стратегик пухталик ва ижтимоий йўналтирилганликни ўзида мужассам этган трансформация намунаси эканини таъкидлади. У Ўзбекистон тажрибасининг ўзига хослиги, унинг тизимли эканлигига эътибор қаратиб, ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида барча асосий соҳаларда - давлат бошқаруви ва адлия тизимидан тортиб, таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамлаштиришгача амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди.

Умуман олганда, ўтказилган тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётгани ва қатъий қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР