“Экспорт уч қадамда” тизими темир йўлда ҳам тўлиқ жорий этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бу тизим ҳозиргача синов тарзида қўлланиб, самарали ишлаётгани амалда исботланди. Жорий йилнинг 8 ойи давомида темир йўл орқали чиқарилган экспорт декларацияларининг 5 фоизи айнан шу тизим орқали расмийлаштирилди.
Аввал 9 босқичдан иборат бўлган экспорт жараёнлари энди 3 босқичгача қисқаради. Бу тадбиркорларга божхона брокерлик хизматлари учун ҳар йили сарфланадиган 15–20 млрд сўмгача харажатни тежаш имконини беради.
Тизим экспорт шартномаси асосида божхона юк декларацияси ва инвойс ҳужжатларини автоматик шакллантиради, ахборотларнинг тўғри ва бир хил бўлишини таъминлайди.
Товарлар божхона чегарасини кесиб ўтганида тегишли маълумотлар солиқ ва бошқа идораларга онлайн узатилади.
2025 йилнинг 8 ойида темир йўл орқали ҳаракатланган юкли вагонлар сони 516,4 мингдан ошди — бу ўтган йилга нисбатан 12% кўп.
Мамлакатда ташқи савдо юкларининг асосий қисми темир йўлда ташилаётганини инобатга олсак, ушбу тизим орқали экспорт ҳажмлари янада ошиши кутилмоқда.
“Экспорт уч қадамда” тизими аввал 2024 йил 25 мартдан автотранспорт, 10 февралдан авиатранспортда жорий этилган эди.