ДХХ Telegram орқали тарқатилаётган «Зардекс» препаратини сотиш бўйича йирик каналга чек қўйди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона идоралари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. шахснинг Янгиҳаёт туманидаги ижарадаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16249 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Маълум бўлишича, у муқаддам “Телеграм” мессенжери орқали савдо қилувчи шахс томонидан Сергели тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу дори воситаларини олиб, келгусида мижозларга сотганидан сўнг, наркосавдогарга 16 минг АҚШ доллари бериши керак бўлган.
“Зардекс” дори воситалари таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 818-сон қарорига мувофиқ, “Прегабалин” моддаси кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киради.
Ҳозирда дорифуруш фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракати олиб борилмоқда.