Дурдона Ҳакимова ва унинг болалари Истанбулдаги фожиали ҳодисадан сўнг Ватанга қайтарилди
Дурдона Ҳакимова ва унинг болалари Истанбулдаги фожиали ҳодисадан сўнг Ватанга қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимова ва унинг икки нафар фарзанди Истанбулдаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси кўмагида Ватанга қайтарилди. Оилани қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар консулхона ва Миграция масалалари агентлиги томонидан қопланди.
Бош консулхонада таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда марҳуманинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, бир томонлама ва салбий изоҳлар тарқалмоқда. Ўтказилган текширувлар Дурдона Ҳакимова Истанбулнинг Фотиҳ туманида жойлашган Eskeri Melzeme ҳарбий кийим-кечак дўконининг асосчиси бўлганини, фаол тадбиркорлик билан шуғулланганини ва кўплаб ватандошларга ёрдам кўрсатганини аниқлади. Унинг фарзандлари дизайн йўналиши чуқурлаштирилган лицейда таҳсил олган.
«Вазиятни тўлиқ ўрганмасдан туриб, ҳамюртимиз ҳақида бирёқлама, нохолис ва шахсни камситувчи маълумотларни тарқатиш, таҳқирловчи изоҳ ёзиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка олиб келишини, бундан ташқари, миллатимизга нисбатан халқаро майдонда салбий фикрлар шаклланишига сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.», — дея таъкидладилар дипломатик ваколатхонада.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 24 январь куни соат тахминан 19:40 да Истанбулнинг Шишли туманида иккиламчи хомашё йиғиш билан шуғулланувчи маҳаллий аҳоли вакили чиқинди контейнеридан ўралган жасадни топиб, бу ҳақда полицияга хабар берган. Дастлабки кўрикда ҳалок бўлган шахснинг бош қисми йўқлиги қайд этилган.
Бош консулхона, маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза маркази ва прокуратура иштирокида ўтказилган қўшма текширув ишлари натижасида марҳуманинг шахси аниқланди. У Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимова экани маълум бўлди.
Ушбу иш доирасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Консулхона маълумотига кўра, улар Туркияни тарк этиб, Грузияга учиб кетишга уриниш пайтида ҳибсга олинган.