Валюта курслари 10/10/2025
$1 – 12123.38
UZS – 0.43%
€1 – 14094.64
UZS – 0.56%
₽1 – 149.19
UZS – 0.8%
Қидириш
Дори воситалари ва тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш тартиби халқаро талабларга мослаштирилади

Дори воситалари ва тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш тартиби халқаро талабларга мослаштирилади

Дори воситалари ва тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш тартиби халқаро талабларга мослаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг муомаласи қуйидагича тартибда амалга оширилади:

тиббий буюм ва тиббий техникалар тиббий жиҳозлар сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади;

тиббий жиҳозлар инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлган эҳтимоли юқори хавфларни ҳисобга олган ҳолда 4 та хавфсизлик даражасига кўра таснифланади;

тиббий жиҳозлар клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар учун мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришда қуйидагилар талаб қилинади:

дори воситалари учун – 2027 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчининг дори воситалари турига “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификати;

тиббий жиҳозлар учун – 2027 йил 1 июлдан ишлаб чиқарувчининг “ISO: 13485” миллий стандартига мувофиқлик сертификати.

2026 йил 1 январдан:

маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификатига эга бўлиши талаб этилади;

дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларига кўра маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларга амал қилиш муддати 5 йил бўлган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади.

Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга илгари муддатсиз берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддати мазкур Фармон кучга кирган санадан эътиборан 5 йил этиб белгиланади;

дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш уларнинг ҳуқуқ эгасининг буюртмаси асосида тегишли лицензияга эга бўлган ишлаб чиқарувчилар томонидан шартнома орқали амалга оширилиши мумкин;

тиббий жиҳозларни чакана реализация қилиш фаолияти учун лицензия талаби бекор қилиниб, ушбу фаолият ваколатли органни хабардор қилиш орқали амалга оширилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг