Дипломатлар Россияда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилишди
Дипломатлар Россияда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни батафсил муҳокама қилди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан Россия Федерациясининг ҳудудларида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси бош консуллари иштирок этди. Бу эса жойлардаги амалий иш тажрибасини инобатга олган ҳолда кўтарилган масалаларни аниқ ва атрофлича кўриб чиқиш имконини берди. Россия томонидан эса дипломатик ваколатхонанинг консуллик бўлими раҳбарияти, миграция масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг – ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг – ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашув томонларнинг миграция жараёнларини тартибга солиш, шунингдек Россия Федерациясида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган прагматик ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга интилишини тасдиқлади.
Шунингдек, томонлар амалий ҳамкорликни доимий равишда такомиллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ҳамда икки томонлама учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.