Дилшод Расулов Тошкент вилояти ҳокимининг ёрдамчиси этиб тайинланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Дилшод Расулов Тошкент вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ҳудуд ҳокимлиги матбуот хизмати 6 ноябрда ҳоким қарорига асосан маълум қилди.
У 2024 йил январидан бошлаб Савдо-саноат палатасининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича раис ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Дилшод Расулов 1972 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1994 йили Тошкент молия институтини, 2003 йили эса Стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш олий мактабини тамомлаган.
1997 йилдан 2023 йилгача бўлган давр мобайнида у Божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Президент администрациясида турли лавозимларда фаолият юритган.
Илгариги иш жойида Дилшод Расулов халқаро ҳамкорлик ва протокол, инвестицияларни жалб этиш, халқаро брендлар ва молиявий ташкилотлар билан ишлаш, экспортга кўмаклашиш ва сертификатлаш, ташқи иқтисодий фаолият департаменти ҳамда хорижий ваколатхоналар ва вакиллар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бошқармаларга раҳбарлик қилган.