Диджей таниқли ижрочиларнинг қўшиқларидан ноқонуний фойдалангани учун жаримага тортилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Божалар» гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов, шунингдек хонандалар Достон Эргашов ва Асилбек Амануллоҳ ижросидаги қўшиқлардан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланган диджей қонунчиликка мувофиқ жаримага тортилди.
Навоий вилояти Адлия бошқармаси ва «Ўзбекконсерт» давлат муассасасининг Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасига кўра, «Божалар» гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов ва хонандалар Достон Эргашов ижросидаги «Уйланамиз», шунингдек Асилбек Амануллоҳ (Негматов) ижросидаги “Оппоқ ака” номли қўшиқлар фуқаро И. Рузиев томонидан муаллифнинг рухсатисиз ҳамда тегишли ёзма шартнома тузмаган ҳолда, Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган «Регистон» номли тўй-маросимлар марказида омма эътиборига ҳавола этилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177 прим 1-моддасининг биринчи қисми билан жарима жазоси тайинланди.
Қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.