Депутатлар «Ватандош» картаси эгаларини давлат божидан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, у билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига карта эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида кўрсатиладиган айрим давлат хизматлари учун давлат божидан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, «Ватандош» картаси эгалари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганда, уларнинг оила аъзолари амалдаги виза муддатини кўп марталик қилиб узайтирганда, шунингдек, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганда ва рўйхатга олинган муддатини узайтирганда давлат божидан озод этилиши назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга Ўзбекистон ҳудудида профессионал, шу жумладан, тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишлари учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий шароитларни яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.