Валюта курслари 03/12/2025
$1 – 11880.93
UZS – -0.12%
€1 – 13794.95
UZS – -0.23%
₽1 – 153.28
UZS – 0.2%
Қидириш
Депутатлар Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар: ЯИМ ўсиши 6,6%, ижтимоий харажатлар 55%

Депутатлар Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар: ЯИМ ўсиши 6,6%, ижтимоий харажатлар 55%

Депутатлар Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар: ЯИМ ўсиши 6,6%, ижтимоий харажатлар 55%

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. Қўчқоров маъруза қиляпти.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 2026 йилда 6,6 фоизга ошиб, аҳоли жон бошига 4686 долларни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Ўсиш суръатлари эса, саноатда 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматларида 14,5 фоиз, қурилишда 10,2 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Инфляция даражасининг кўрсаткичи камайиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2026 йилда консолидациялашган буджет даромадлари прогнози 515,4 трлн. сўм, харажатлари прогнози 567,0 трлн. сўм миқдорида, консолидациялашган буджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,0 фоиз, ташқи қарзнинг чекланган ҳажми жорий йилга нисбатан камайиб, 5,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш кўзда тутилган.

Халқ вакиллари Давлат буджети лойиҳасининг энг муҳим жиҳатлари сифатида буджет лойиҳаси “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда ишлаб чиқилганини эътироф этдилар.

Давлат буджети лойиҳасида юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, макроиқтисодий барқарорлик ва инфляцияни жиловлаш, буджет барқарорлиги ҳамда буджет тақчиллигини паст даражада ушлаб туриш, «яшил» тамойилларни кенг жорий қилиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали ишсизлик ҳамда камбағалликни пасайтиришга қаратилган аниқ чоралар белгилангани ижобий баҳоланди.

Муҳокамада депутатлар лойиҳада келгуси йил учун асосий солиқ ва божхона ставкаларининг ўзгармасдан сақланиб қолинаётганлиги буджет даромадлари иқтисодий ўсиш ҳамда солиқ базасининг кенгайиши ҳисобига таъминланишига эътибор қаратдилар. Шунингдек, солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган тизимли чоралар мамлакатимиз иқтисодиётида рақобат муҳитини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

Депутатлар 2026 йил учун Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида аҳоли турмуш даражасини ошириш, фуқароларнинг реал даромадлари ўсишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорлари йиллик инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириб бориш чораларини давом эттирилишини қўллаб-қувватладилар.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ижтимоий давлат тамойиллари асосида Давлат буджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилгани, 2026 йил учун давлат буджети қонуни лойиҳасида ижтимоий соҳа учун ажратилаётган маблағларнинг ҳажми йил сайин ортиб бораётгани халқ вакиллари томонидан ижобий баҳоланди.

Лойиҳада кейинги йилда ижтимоий соҳа учун ажратилган маблағлар 220 трлн сўмни ташкил этиб, улар умумий харажатларнинг деярли 55 фоизини ташкил қилаётгани акс этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилган таълим сифатини ошириш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш учун Давлат буджети харажатларининг 25,5 фоизи миқдоридаги маблағлар таълим ва фан соҳаси, 12,1 фоизи соғлиқни сақлаш ҳамда 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жами харажатлари учун ажратилиши ўз ифодасини топгани депутатлар эътиборида бўлди.

Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кўламини кенгайтириш, сунъий интеллектни ривожлантириш, маҳалла институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни депутатлар маъқулладилар.

Мажлисда маҳаллий буджетлар даромадини ошириш бўйича халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар ваколатларини ошириш, туман ва шаҳарлар буджетлари даромадлар базасини мустаҳкамлаш, уларнинг мустақиллигини оширишга қаратилган аниқ чоралар белгиланганлиги депутатлар эътиборида бўлди. Мазкур чоралар ҳудудлардаги ижтимоий соҳага оид муаммоларга тезкорлик билан иқтисодий ечим топишга ҳамда бу йўналишда мавжуд муаммоларни бартараф қилишга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокамаларда халқ вакиллари буджетдан ажратилаётган маблағлардан самарали, оқилона фойдаланиш борасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ва жавобгарлигини таъминлаш мақсадида парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши лозимлигини таъкидладилар.

Мажлис давомида буджет даромадларини ошириш, солиқ базасини янада кенгайтириш, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, буджет маблағларидан фойдаланишда коррупция омиллари ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Мажлисда сиёсий партиялар фракцияларининг фикрлари эшитилиб, Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг