Депутатлар Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш масаласини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар Энергетика вазирининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, шу жумладан қуёш панелларини ўрнатиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги парламент сўровига жавобини кўриб чиқдилар.
Унда келтирилишича, бугунги кунда мамлакатимизда умумий қуввати 4 682 МВт бўлган 12 та қуёш, 5 та шамол электр станциясида «яшил» энергия ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 3 та энергия сақлаш тизими ишга туширилган.
Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вазирлик томонидан ҳозирги кунга қадар республикамизда умумий қуввати 1 857 МВт бўлган қуёш панеллари ва 4 838 минг литр ҳажмли гелиоколлекторлар ўрнатилган.
Натижада 2 210, млн. кВт соат электр энергияси ва 669,7 млн. куб метр газ тежалишига эришилган бўлса, 875 минг зарарли газларнинг (СО2) ҳавога чиқарилишининг олди олинган.
Бугунги кунда республикамизда умумий қуввати 770 МВт бўлган қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи 7 та корхона фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ошган. Қолаверса, қуёш сув иситгичлари ишлаб чиқариш бўйича 5 та маҳаллий корхона фаолият бошлаган.
Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, бир қанча хорижий компаниялар томонидан Ўзбекистонда шамол генераторлари учун зарур бутловчи қисмлар, шамол парраклари ва минораларини ишлаб чиқарувчи завод қуриш режалаштирилган.
Ҳозирги кунда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шамол парракларини, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида шамол электр станцияси минорасини ишлаб чиқарувчи заводларни қуриш ишлари амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий қувватини 9,4 ГВтга етказиш режалаштирилган.
Мажлисда ушбу йўналишда вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилаётгани, шу билан бирга, соҳада ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам борлиги қайд этилди.
Депутатлар томонидан бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, қуёш панелларини ўз вақтида ўрнатиш ишларини жадаллаштириш, нафақат қуёш, балки “яшил энергия”нинг бошқа турлари, жумладан, шамол энергиясидан самарали фойдаланиш мақсадида шамол генераторлари, қуёш сув иситиш коллекторларини юртимизда ишлаб чиқариш чораларини кўриш, яроқсиз ҳолга келган қуёш панелларининг атроф-муҳитга зарарининг олдини олиш, қайта тикланувчи “яшил энергия”нинг аҳамияти ҳақида аҳоли хабардорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда мазкур масала юзасидан доимий парламент назорати олиб бориш лозимлиги қайд этилиб, Энергетика вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.