Депутатлар “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.
Ушбу лойиҳа фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишда аниқ тартиб-таомилларни белгилаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ходимларининг ҳуқуққа хилоф ҳаракатларидан ҳимоя қилишни назарда тутади.
Лойиҳада маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ва шаффоф механизми яратилишига оид нормалар акс этиб, бу жараёнларда коррупциявий ҳолатларнинг юзага келишини олдини олишга қаратилган қоидалар киритилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, ҳуқуқшунослар иштирокида қизғин муҳокама қилингани, сиёсий партиялар фракциялари, депутатларнинг таклифларидан келиб чиқиб, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани қайд этилди.
Мазкур ўзгартиришлар ҳуқуқни қўллаш амалиётида келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчиликлар, ҳар хил ёндашувларнинг олдини олиш, қонун нормаларининг аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида киритилиб, лойиҳа матни такомилига етказилгани таъкидланди.
Мунозаралар давомида қонун лойиҳаси депутатлар фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида маромига етказилгани, унда назарда тутилаётган нормалар фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.