Депутатлар ҳақорат қилиш ва ноқонуний контентни интернетда тарқатиш учун жазоловчи қонунни қабул қилишди
Депутатлар ҳақорат қилиш ва ноқонуний контентни интернетда тарқатиш учун жазоловчи қонунни қабул қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар, шунингдек, тегишли вазирлик ва идораларнинг фикр-мулоҳазалари асосида унинг айрим нормалари аниқлаштирилди ҳамда таҳририй жиҳатдан такомиллаштирилди.
Қонун лойиҳаси билан телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз ҳаракатларни ёки фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиш, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш, шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарлигини оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоқларида тарқатиш, шунингдек ижро ҳаракатлари давомида хатланган мулк билан боғлиқ қонунга хилоф ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Бу орқали ахборот маконида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни тарғиб қилиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликда мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш кўзда тутилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳаси жамиятда ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ахборот маконида ахлоқ-одоб меъёрларига риоя этилишини кучайтириш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, янги турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика механизмларини самарали ишлатиш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.