Депутатлар аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишди

Депутатлар аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишди

Депутатлар аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда айрим жиноятлар тергови самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, айниқса, хотин-қизлар ва болаларни жинсий зўравонлик ҳамда ахлоққа зид тажовузлардан асрашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу билан бирга, амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, жинсий эркинликка қарши жиноятларни тергов қилиш жараёнида қатор муаммолар сақланиб қоляпти.

Хусусан, айрим ҳолларда жиноятларни фош этиш ва тергов қилишда қонун нормалари нотўғри қўлланилиши, жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмаслиги каби салбий ҳолатлар учрамоқда.

Шу муносабат билан, қонун лойиҳасида жинсий эркинликка, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органларига ўтказиш таклиф этилмоқда. Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида прокуратура органларининг ваколатларини кенгайтириш, уларга бундай ҳолатларни текшириш, дастлабки терговни олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш устидан назоратни кучайтириш вазифалари юклатилмоқда.

Бундан ташқари, мансабдор шахслар томонидан содир этилган, айниқса, инсон ўлимига олиб келган жиноятларни тергов қилиш амалиётини ҳам такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноят содир этган шахсларнинг жазони ўташ тартибини қатъийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жиноят-ижроия кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаганларга нисбатан содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг манзил-колонияларга ўтказилмасликни назарда тутувчи тартиб белгиланяпти.

Мажлисда таклиф этилаётган ўзгартиришлар аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишига, жинсий зўравонлик ҳолатларини фош этиш ва бу турдаги жиноятларни тергов қилиш сифати ошишига ҳамда жазонинг муқаррарлиги таъминланишига, шунингдек мазкур жараёнда қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилишига хизмат қилиши қайд этилди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг