Валюта курслари 23/09/2025
$1 – 12257.13
UZS – -0.75%
€1 – 14434.00
UZS – -0.62%
₽1 – 146.69
UZS – -0.99%
Қидириш
Депутат: Бизнес эътирозларини ислоҳотлар учун сигнал сифатида қабул қилиш керак

Депутат: Бизнес эътирозларини ислоҳотлар учун сигнал сифатида қабул қилиш керак

Депутат: Бизнес эътирозларини ислоҳотлар учун сигнал сифатида қабул қилиш керак

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда қурилиш соҳаси ҳали-ҳануз коррупциявий хатарлардан холи эмас, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тадбиркорлик, рақобат ва саноат масалалари қўмитаси раиси, «Юксалиш» ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов.

Бекмуродов Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан соҳада йирик пора ҳолатлари ҳақида ариза берган тадбиркор Усмонжон Абдусаматовни жавобгарликка тортиш ҳақидаги билдирувини шарҳлади.

Унинг айтишича, вазирлик мавжуд жамоатчилик назорати механизмларидан тўлиқ фойдаланмаяпти. Хусусан, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши таркибига атиги иккита нодавлат нотижорат ташкилоти киритилган, ҳолбуки президент фармонига кўра уларнинг улуши камида 50 фоиз бўлиши лозим.

Бекмуродовнинг таъкидлашича, Кенгаш фаолияти орқали соҳадаги асосий муаммоларни мунтазам кузатиб бориш ва таҳлил қилиш, тадбиркорлар ҳамда жамият билан алоқани сақлаб туриш мумкин бўлар эди.

«Тадбиркорнинг эътирозларини соҳани танқид қилиш сифатида эмас, балки мавжуд муаммоларга баҳо бериш сифатида қабул қилиш керак», — деди депутат. Унинг қўшимча қилишича, ҳар қандай конструктив танқиддан кейин рухсатнома бериш жараёнларини шаффофлаштириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш бўйича аниқ қадамлар қўйилиши лозим.

Унинг фикрича, бу ҳолатда энг мақбул ечим вазирлик вакиллари билан тадбиркорларнинг учрашувини ташкил этиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни муҳокама қилиш бўлар эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР