Давлат хизматини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Давлат хизматини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тузилмаси ҳамда давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳасида қатор муҳим нормалар назарда тутилмоқда. Хусусан, божхона, ички ишлар, прокуратура, Миллий гвардия ходимлари ва судьялар Администрация раҳбари фармойиши билан тайинланадиган лавозимга ўтганда ушбу органлар кадрлар захирасига киритилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат хизматига илк бор қабул қилинган ходимлар билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилиши, “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва малака ошириш курсларини ўташи ҳамда инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатлар фақатгина «ҳрм.аргос.уз» платформасида шакллантирилиши белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, амалий зарурати ва айрим нормаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан қонун ташаббускорларига саволлар бердилар. Лойиҳани янада такомиллаштириш, уни қонуний ва ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал ҳолатга келтириш бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мутасаддилар томонидан депутатларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга, давлат фуқаролик хизматида очиқлик ва шаффофликни кучайтиришга, суд, прокуратура, Миллий гвардия, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари учун муносиб меҳнат шароити яратишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.