Валюта курслари 09/12/2025
$1 – 11990.09
UZS – 0.22%
€1 – 13974.45
UZS – 0.03%
₽1 – 157.95
UZS – 1.67%
Қидириш
Давлат хизматида бошқарув самарадорлиги оширилади

Давлат хизматида бошқарув самарадорлиги оширилади

Давлат хизматида бошқарув самарадорлиги оширилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–243-сон, 06.12.2025 й.) қабул қилинди.

Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Агентлик) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида ташкил этилган.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги 33 та туман (шаҳар) ҳокимликларида тажриба-синов тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилади:

давлат органлари фаолиятининг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари уларга қўйилган вазифалар асосида Агентлик томонидан шакллантирилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

Агентлик: натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқади ҳамда унинг жорий этилишини услубий жиҳатдан мувофиқлаштиради;

мақсадли кўрсаткичларга эришилганлигини “samaradorlik.gov.uz” электрон платформаси орқали баҳолашни ташкил этади;

тегишли вазифаларни бажариш ва мақсадли кўрсаткичларга эришишда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун танловларда замонавий ёндашув, зарур ҳолларда, қўшимча босқичларни жорий этади.

Фармонга кўра, давлат органларининг вазифа ва функциялари қуйидаги 5 та даражага ажратилади:

  • конституциявий ва миллий даража;
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари даражаси;
  • ҳудудий даража;
  • туман (шаҳар) даражаси;
  • маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини даражаси.

2026 йил 1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги 33 та туман (шаҳар)да фаолият юритувчи давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади. Бунда:

  • республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ротация қилинади;
  • ротация қилинадиган раҳбарлар Агентликнинг “hrm.gov.uz” электрон платформаси орқали аниқланади;
  • раҳбар янги ҳудудга ўтишдан олдин ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив курсда ўқитилади;
  • ротация қилинган раҳбар фаолияти Агентлик томонидан электрон платформа орқали онлайн тарзда мониторинг қилинади.
  • Ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражаси диагностикадан ўтказилади.

Фармонга кўра, давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади.

Унга кўра, қуйидагилар диагностикадан ўтказилади:

2026 йил 1 январдан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар;

2026 йил 1 июндан соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар;

2027 йил 1 январдан бошқа давлат органларида коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ва ушбу лавозимларга номзодлар.

Диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмасига мувофиқ Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.

Диагностика натижасига кўра ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнат муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади.

Бунда ходим коррупциявий хавф-хатар даражаси “паст” бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади.

давлат органларида бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашда янгича тизим жорий этилади.

Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан: давлат фуқаролик хизматида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар “vacancy.gov.uz” электрон платформасида эълон қилинади;

фуқароларга ўзларига маъқул келадиган мутахассислик, лавозим ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда “vacancy.gov.uz” электрон платформасида “иш қидирувчи” мақомида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади;

“vacancy.gov.uz” электрон платформасида рўйхатдан ўтган ва давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган фуқаролар ушбу платформада мавжуд бўш иш ўринларига даъвогарлик қилиши мумкин бўлади. Бунда:

фуқароларга тест синовларини шахсни тасдиқлаш

ва синовларни назорат қилишнинг махсус онлайн тизими орқали ёки Агентликнинг махсус жиҳозланган хоналарида топшириш имконияти яратилади;

тест натижалари 1 йилгача амал қилади;

танловнинг қўшимча босқичи сифатида ўтказиладиган соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади.

давлат органларида кадрлар захирасини юритиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилади:

давлат органлари томонидан:

Миллий кадрлар захирасига киритилган лавозимлар учун номзодлар рўйхати мустақил шакллантирилади;

саралашдан ўтган номзодлар тарафидан шахсий ривожланиш режасининг бажарилиши “zaxira.bsa.uz” электрон платформаси орқали мониторинг қилинади;

Салоҳиятли кадрлар захирасига номзодлар маҳаллада фаолият кўрсатаётган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан туман (шаҳар) ҳокимларининг хулосаси асосида ишчи гуруҳ томонидан сараланади;

Агентлик томонидан: давлат фуқаролик хизматининг бошқарув ва сиёсий лавозим гуруҳларига захира мустақил равишда шакллантирилади;

давлат органларида самарали хизмат қилаётган, бироқ раҳбарлари томонидан тавсия этилмаган номзодларни мустақил аниқлаш ҳамда баҳолаш орқали улар Миллий кадрлар захирасига киритилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг