 
                            
                                Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, ушбу Қонун дастлаб сенаторлар томонидан билдирилган қатор эътирозлар асосида рад қилинган эди. Ушбу Қонун Олий Мажлис палаталарида келишув комиссияси тузилган ҳолда қайта ишланди.
Муҳокама чоғида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, Қонун билан белгиланаётган нормалар ходимлар манфаатини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қонун билан Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси томонидан уч турдаги, яъни касаллик муносабати билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, ишни ёки даромадни йўқотиш бўйича суғурта тўловлари тўланиши белгиланмоқда. Бундай суғурта ҳодисалари юзага келган тақдирда, жамғарма томонидан суғурталанган шахсларга ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.
Жамғарма томонидан давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ижтимоий солиқнинг бир қисми, суғурта бадаллари, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.
Шунингдек, Қонунда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши кимларга нисбатан мажбурий, кимларга нисбатан ихтиёрий асосда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Бунда суғурта бадали мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун билан белгиланган миқдорларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан, ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун минимал миқдори қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланадиган тўлов ҳисобидан шакллантирилиши қайд этилган.
Ялпи мажлис давомида сенаторлар томонидан Қонунда белгиланган суғурта бадали, суғурталанган шахслар, суғурталовчи, суғурта қилдирувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат ижтимоий суғуртаси молиявий барқарорлигининг давлат кафолатлари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш каби қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, иш берувчиларга юклатилган ижтимоий тўловлар юкининг ечилишига хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, мазкур Қонун ишга қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларга нисбатан камситиш ҳолатларининг олдини олишига ҳам қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.