Давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди
Давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Қонунга кўра, фуқароларга нисбатан давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши мажбурий ёки ихтиёрий асосда амалга оширилади.
Суғурта ҳодисалари жумласига қуйидагилар киради:
- касаллик муносабати билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик;
- ҳомиладорлик ва туғиш;
- иш ёки даромадни йўқотиш.
Суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларга ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича қуйидаги тўловлар амалга оширилади:
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
- ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- ишдан бўшатиш нафақаси.
Суғурта бадали суғурталанган шахс учун жамғармага амалга ошириладиган ажратма ёки тўлов ҳисобланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни олишга бўлган ҳуқуқ суғурта бадалларининг тўланишига қараб юзага келади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тегишли даврлар учун тайинланади.
Ушбу Қонун 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.