Давлат божхона қўмитаси 300 га яқин тарихий ашёларни Ислом цивилизацияси маркази фондига ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Сариосиё» чегара божхона пости ходимлари томонидан республикамиз ҳудудидан 267 дона қадимий тангалар ва тақинчоқлар қисмларини ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга уриниш фош қилинган эди.
Ушбу ашёларнинг қадимийлиги ва қийматини аниқлаш мақсадида ўтказилган бадиий экспертиза хулосасига кўра, 39 дона осма безак кўринишидаги кумуш тангалар ХИХ асрда Бухоро амирлигида зарб қилинган, 228 та тақинчоқ қисмлари эса ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларига мансуб деб топилди.
Суднинг тегишли қарорига биноан давлат эгалигига ўтказилган тарихий буюмлар Божхона қўмитаси Раисининг ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига топширилди.
Шу муносабат билан Божхона қўмитаси Раиси Акмалжон Мавлонов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов иштирокида тарихий-маданий бойликларни топшириш-қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда божхона органлари томонидан элимизнинг ноёб тарихий ва маданий бойликларини асраб-авайлаш йўналишида кенг кўламдаги чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилаётганлиги таъкидланди.
Маросим иштирокчилари тарихий-маданий меросни муҳофаза қилишда божхона органларининг муҳим ўрни борлигини таъкидладилар. Миллий мероснинг ноёб ва нодир объектларини ноқонуний олиб чиқиб кетишга қарши курашиш божхона хизматининг устувор вазифаси эканлиги ва ҳар бир ходимдан юксак масъулият талаб этиши алоҳида таъкидланди.