Давлат активлари агентлиги директори Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан музокаралар ўтказди
Давлат активлари агентлиги директори Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4 март санасида Давлат активлари агентлиги директори Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Уфук Улуташ билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон–Туркия муносабатлари олий даражадаги ишонч ва стратегик шериклик руҳида изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб, кейинги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар икки давлат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни мутлақо янги босқичга кўтарганини қайд этди.
Шу билан бирга, турк ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган аниқ таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Элчихонанинг амалий кўмагида давлат активлари бўйича тайёрланган инвестиция таклифларини Туркиянинг етакчи холдинглари, тармоқ ассоциациялари ва йирик саноат гуруҳларига мақсадли етказиш механизмини йўлга қўйиш, шунингдек Анқара ёки Истанбул шаҳарларида кенг қамровли инвестиция “Roadshow” тадбирини ташкил этиш таклифи турк томонидан қўллаб-қувватланди.
Томонлар жорий йилдаги Тошкент халқаро инвест форуми доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Туркия сармоядорларини Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига кенг жалб қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Форум доирасида инвестиция учун жозибадор бўлган давлат активларининг тақдимоти, соҳавий панель сессиялар, шунингдек B2G ва B2B форматларида учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашув икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва аниқ инвестиция лойиҳалари орқали ўзаро манфаатли шерикликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилди.