Чустда замонавий чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда
Чустда замонавий чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чуст туманида амалга оширилаётган "Чиқиндини ёқиш орқали электр энергия ишлаб чиқариш" лойиҳаси жорий йилнинг муҳим объектларидан бири ҳисобланади.
"Зарафшон" МФЙ ҳудудидан экосаноат зонасини ташкил этиш учун танлаб олинган 15 гектар ер майдонининг 10 гектарида “Everbright Environmental Energy Namangan” МЧЖ ХК томонидан хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа қиймати 150 млн. долларни ташкил этади.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ушбу манзилда бўлиб, қурилиш жараёнларининг бориши билан яқиндан танишди. Хорижий инвесторлар билан суҳбатлашиб, муаммоларини ўрганди, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Хитойлик ҳамкорлар билан қурилиш жараёнини тезлатиш ва йил охирига қадар лойиҳани тўлиқ ишга тушириш юзасидан келишиб олинди.
Лойиҳа ишга тушиши ҳисобига 547,5 минг тонна чиқинди қайта ишланади, 310 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, шундан 254 млн кВт·соати тармоққа узатилади. Бу, қарийиб 300 минг аҳолининг йиллик электр энергияга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Энг асосийси, янги лойиҳа натижасида 180 нафар юртдошларимизнинг доимий бандлиги таъминланади.