Чуст туманида солиқ ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Чуст туманида солиқ ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чуст туманида солиқ инспекцияси ходимига нисбатан коррупцион ҳаракатларда гумон қилиниб жиноий иш қўзғатилди.
Наманган вилояти Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган қўшма операция доирасида Чуст туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган аёл қўлга олинди.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи савдо соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият бухгалтерининг ишончидан фойдаланиб, 20 миллион сўм эвазига тизимда ишловчи танишлари орқали корхонанинг 376,6 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини бартараф этишга уринишган. У пулни олаётган вақтда жиноят далиллари билан қўлга олинган.
Дастлабки текширувлар давомида ноқонуний схемада Чуст тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори ҳам иштирок этгани аниқланган.
Айни пайтда гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, барча ҳолатлар ва алоқадор шахсларни аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.