Чирчиқда Жанубий Кореянинг IOTA Co Ltd компанияси ҳамкорлигида бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида янги ташкил этилган IOTA JH Co корхонаси базасида замонавий автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мазкур лойиҳа «Ўзавтосаноат» АЖ ва Жанубий Кореянинг IOTA Co Ltd компанияси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик доирасида амалга оширилди. 2024 йилнинг апрель ойида автомобиль кондиционер тизими учун қувурлар ва шлангларни маҳаллийлаштириш бўйича келишувга эришилган эди. Келишувни изчил ривожлантириш мақсадида IOTA Co Ltd компанияси янги корхона барпо этишга 6,1 миллион АҚШ доллари сармоя йўналтирди.
Янги ишлаб чиқариш майдончаси юқори технологияли ишлаб чиқариш линиялари ҳамда Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий синов ускуналари билан жиҳозланган. Корхонанинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати кондиционер тизими учун 2400 дона қувур ва шлангни ташкил этади, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 110 млрд сўм миқдорида этиб белгиланган. Лойиҳанинг амалга оширилиши “УзАуто Моторс” АЖнинг автомобиль кондиционер тизими бутловчи қисимларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш, импорт ҳажмини қисқартириш, логистика харажатларини оптималлаштириш ҳамда автомобиль саноатида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш имконини беради.
Корхонада 120 та янги иш ўрни яратилди, бу Чирчиқ шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур ишлаб чиқаришнинг ишга туширилиши республикада муҳандислик имкониятларини кенгайтириш ҳамда саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Корхонанинг яқин келажакдаги режалари орасида BYD ва KIA автомобиллари учун шунга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам ўрин олган.
«Ўзавтосаноат» АЖ автомобиль саноатида саноат кооперациясини чуқурлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш борасида тизимли фаолиятини давом эттиради.