“Чирчиқ” кимё-саноат технопарки халқаро инвестиция бозорида позицияларини мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Чирчиқ” кимё-саноат технопарки ўзининг инвестициявий жозибадорлигида барқарор ўсишни намоён этмоқда. Технопаркка Россиянинг PRIDE компанияси делегацияси ташриф буюрди. Мазкур компания 2013 йилда Қозонда (Татаристон Республикаси) ташкил этилган бўлиб, юқори сифатли аудио жиҳозлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.
Ташрифнинг асосий мақсади технопарк имкониятларини ўрганиш ва янги ишлаб чиқариш мажмуаси жойлаштириш имкониятини кўриб чиқишдан иборат бўлди.
Учрашув доирасида компания вакиллари технопарк инфратузилмаси, резидентларга тақдим этиладиган шарт-шароитлар ва давлат қўллаб-қувватлаш чоралари билан танишдилар. Алоҳида эътибор бўш ишлаб чиқариш майдонларини кўздан кечириш, техник жиҳозланиш ва логистика имкониятларига қаратилди.
Музокаралар конструктив руҳда ўтди. Ташриф якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдириб, потенциал шерикликнинг кейинги қадамларини ишлаб чиқиш мақсадида мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Технопарк раҳбарияти таъкидлашича, хорижий компаниялар ташрифлари тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш ва янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Бу эса технологик ривожланиш ҳамда минтақада янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.