Чиқинди хизматидан қарздор 152 мингга яқин абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди
Чиқинди хизматидан қарздор 152 мингга яқин абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун қарздорлиги мавжуд бўлган 151 мингдан ортиқ абонент учун электр энергияси тўловини амалга ошириш имконияти вақтинча чекланди.
Бу чеклов тўлов интизомига риоя этиш мақсадида, 1044-сонли Қонун талаблари асосида жорий этилган бўлиб, бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, 2026 йил 16 январь ҳолатига умумий қарздорлик миқдори 87,5 миллиард сўмни ташкил этган 873 990 нафар абонентга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «2100» қисқа рақами орқали СМС-хабарномалар юборилган. Хабарнома юборилганидан кейинги беш кун ичида фойдаланувчилар 7,4 миллиард сўм қарзни тўлаб берган. Қарздорлик миқдори 14,8 миллиард сўмга тенг бўлган 151 202 нафар абонентга электр энергияси учун тўлов қилиш бўйича чеклов жорий этилган. Қарз тўлиқ қопланган заҳоти чеклов автоматик тарзда бекор қилинади.
Қарздорликни назорат қилиш тизими автоматлаштирилган тарзда ишлайди: қарздорлар ҳақидаги маълумотлар ҳар ойнинг 3-кунигача «Тоза макон» агентлигининг электрон биллинг тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ биллинг тизимига узатилади.
Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. 2025 йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 5 ноябридан бошлаб қўлланилмоқда.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловлар фақат онлайн форматда ва фақат амалда кўрсатилган хизматлар учун қабул қилинади.
Агентлик фуқароларга чиқиндиларни бошқариш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати билан боғлиқ таклиф ёки шикоятлар мавжуд бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида «1205» қисқа рақами орқали мурожаат қилиш мумкинлигини эслатди.