Centrum Air янги Airbus A320 самолётини қабул қилди — авиапаркдаги ўн учинчи ҳаво кемаси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Centrum Air авиакомпанияси ўз авиапаркини кенгайтиришни давом эттирмоқда ва UK32076 рўйхат рақамига эга янги Airbus A320 самолётини қабул қилганини маълум қилди. Бу компания флотидаги ўн учинчи ҳаво кемаси ва ушбу турдаги бешинчи самолёт ҳисобланади.
Янги авиалайнер Хитойнинг Тяньцзинь шаҳридан Тошкент халқаро аэропортига (Ислом Каримов номидаги) маҳаллий вақт билан соат 03:30 да етиб келди.
Самолёт 180 та эргономик ўриндиқ билан жиҳозланган бўлиб, йўловчиларга парвоз вақтида юқори даражада қулайлик яратади.
Airbus A320 — замонавий ўрта масофали авиалайнер бўлиб, унинг парвоз масофаси 6 800 километргача етади. Янги ҳаво кемаси компаниянинг МДҲ давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларига йўналтирилган рейсларида фойдаланилади.
«Янги Airbus A320 самолётини қабул қилиш — бу компаниянинг барқарор ўсиши ва йўловчиларга юқори даражадаги сервис ҳамда қулайликни тақдим этишга бўлган интилишининг яна бир исботидир. Флотни кенгайтириш биз учун йўналишлар тармоғини ривожлантириш ва оммабоп рейсларда парвозлар сонини ошириш имкониятини яратади», — деди Centrum Holding асосчиси ва бошқарув раиси Абдулазиз Абдурахмонов.
Яқин вақт ичида янги Airbus A320 авиакомпаниянинг мунтазам йўналишларида парвозларни бошлайди.