Centrum Air авиапарки панорамали шаффоф томли янги Airbus A321neo билан тўлдирилди
Centrum Air авиапарки панорамали шаффоф томли янги Airbus A321neo билан тўлдирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Centrum Air авиакомпанияси янги Airbus A321neo самолётини қабул қилди. У ташувчи авиапаркидаги 14-ҳаво кемаси ҳисобланади.
UK32133 рўйхат рақамига эга лайнер 17 январь куни Люблянадан парвозни амалга ошириб, маҳаллий вақт билан соат 19:33 да Тошкентх\алқаро аэропортига қўнди.
Янги самолётнинг ўзига хос жиҳати — шаффоф том бўлиб, у парвоз давомида йўловчиларга деярли 180 градусли панорамали осмон манзарасини томоша қилиш имконини беради. Бу ечим саёҳатдаги қулайликни ошириш ва йўловчилар таассуротини яхшилашга қаратилган.
Airbus A321neo 221 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган бўлиб, A320 оиласига мансуб моделларга нисбатан парвоз масофаси кенгайтирилган.
Шунингдек, самолёт ёқилғи сарфининг камлиги ва чиқиндилар даражасининг қисқартирилгани билан ажралиб туради, бу эса авиация соҳасидаги замонавий экологик талабларга мос келади.
Янги лайнернинг авиакомпания тасарруфига келиб қўшилиши Centrum Air’нинг босқичма-босқич авиапаркни кенгайтириш ва йўналишлар тармоғини ривожлантириш режаларини, шунингдек, йўловчилар оқимининг ўсиб бораётганини акс эттиради.