Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда
Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.
Муҳокама мобайнида фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, уларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, Қонунда бюджет маблағларидан фойдаланишда раҳбарларнинг ваколатларини кенгайтириш ҳамда молиявий мустақиллигини таъминлаш ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун асосида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ҳисобот турлари кенгаймоқда. Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот таркибига бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ижроси ҳамда давлат қарзи тўғрисидаги ҳисоботлар киритилмоқда.
Қонун билан амалдаги қонунчиликка бюджет жараёнини такомиллаштиришга, бюджет интизомига риоя этилишига доир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари зиммасига ҳар чоракда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириш мажбурияти юкланмоқда.
Шу билан бирга, бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳар чорак якунида эшитиб бориш амалиёти жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджет ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот ҳамда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ярим йиллик ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг биринчи чорак ва 9 ойлик ҳисоботлари эса Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси қарори асосида қабул қилиниши назарда тутилмоқда.
Ўз навбатида, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан харажатлар сметасига йилига кўпи билан тўрт марта ўзгартириш киритиш амалиётига чек қўйилмоқда.
Сенаторлар ушбу Қонун мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига кенг жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.