Бюджет жараёни такомиллаштирилади
Бюджет жараёни такомиллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган қўшимчаларга кўра, Ўзбекистоннинг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Навбатдаги йил учун Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиладиган лойиҳалар портфеллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили 1 июлгача Қонунчилик палатасига киритиб борилади.
Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиладиган лойиҳалар портфели фракцияларда ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилинади.
Лойиҳалар портфели фракциялар ва Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан 10 кун ичида кўриб чиқилади ҳамда таклиф ва тавсиялар Вазирлар Маҳкамасига юборилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар йили 15 апрелгача ўрта муддатли давр учун камида 2 та сценарийдаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг дастлабки баҳоси ишлаб чиқилади.
Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисобот бюджет таснифига мувофиқ муайян давр учун Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларидан иборат бўлади.