BYD Uzbekistan Factory Хитойдан ташқаридаги BYDнинг илк уч юлдузли заводи бўлди
BYD Uzbekistan Factory Хитойдан ташқаридаги BYDнинг илк уч юлдузли заводи бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида жойлашган BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонаси Хитойдан ташқаридаги BYD компаниясининг «Уч юлдузли завод» (Three-Star Factory) мақомини олган илк ишлаб чиқариш корхонасига айланди. Сертификат BYD’нинг Star Rating баҳолаш тизими доирасида ўтказилган икки босқичли аудит натижаларига кўра тасдиқланди.
Текширув жараёнида заводнинг BYD корпоратив сифат тизими талабларига, IATF 16949 стандартига, шунингдек ишлаб чиқариш самарадорлиги, жараёнлар назорати ва бошқарув механизмларининг юқори мезонларига тўлиқ мувофиқлиги тасдиқланди.
Уч юлдузли мақом олиниши корхона учун стратегик имкониятларни очади: экспорт етказиб беришларини кенгайтириш, янги моделларни ўзлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш ва ташқи бозорлардаги позицияларни мустаҳкамлаш. Корхона таъкидлашича, ушбу ютуқлар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам платформа яратади.
BYD Uzbekistan Factory 2023 йил сентябрида BYD ва «Ўзавтосаноат» томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги иштирокида ташкил этилган. 2025 йил июнида завод конвейеридан илк электромобиль — BYD SONG PLUS DM-i CHAMPION чиқди.
Корхонанинг дастлабки қуввати йилига 50 мингта автомобилни ташкил этиб, ички бозор ва Марказий Осиёга экспортга йўналтирилган.
Лойиҳа босқичма-босқич кенгайтиришни назарда тутади: иккинчи босқичда 300 миллион АҚШ доллари инвестиция киритилиб, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 200 мингта автомобилга етказилади; учинчи босқичда эса 500 миллион АҚШ доллари инвестиция билан йилига 500 мингта автомобил ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Уч юлдузли корхона мақоми Ўзбекистоннинг янги энергия манбаларида ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқаришини локализация қилиш ва BYD’нинг глобал иштирокини кенгайтиришда муҳим майдон сифатидаги аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди.