Бухорода сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига чек қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро туманида истиқомат қилувчи, 1985 й.т. фуқаронинг яшаш хонадони ҳамда унга алоқадор бўлган автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, “Имудон”, “Церебролизин”, “Дофамин”, “Маалокс” каби жами 78 номдаги 978 қути сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1962 й.т. шахс унинг жиноий шериги эканлиги аниқланди.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра ушбу дори воситаларининг 32 номдагиси давлат реестрида қайд этилмаганлиги, 57 номдагисига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаганлиги,
6 номдагиси сифатсизлиги ҳамда 4 номдагиси қалбакилаштирилганлиги, шунингдек, сақлаш шароитларига амал қилинмаганлиги сабабли, уларни мамлакатимизда сотиш, сақлаш ва амалиётида қўллаш тақиқланади.
Ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,186 прим 3-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, агарда ушбу дори воситалари тўхтатиб қолинмаганида, улар Бухоро шаҳри, Шофиркон, Пешку ва Ромитан туманларидаги дорихоналар орқали сотувга чиқиб кетган бўлар эди.