Бухоро НҚЗ АИ-92 бензини нархини пасайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» маълумотига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (БНҚЗ) АИ-92 маркали бензиннинг улгуржи нархини пасайтирди.
Биржа савдоларида ёқилғи тоннасининг бошланғич нархи 1,97 фоизга камайиб, 12,881 млн сўмдан 12,628 млн сўмга тушди. Шу тариқа, биржа орқали бензиннинг бир литри тахминан 9400 сўмга тенг бўлади.
Компанияда таъкидланишича, нархнинг арзонлаши ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва таннархни пасайтириш бўйича чоралар мажмуасини амалга ошириш ҳисобига имкони бўлди. Корхона бензин ишлаб чиқариш ҳажмини оширгани ҳам нархлар пасайишига хизмат қилди.
«Ўзбекнефтгаз»да қайд этилишича, бу ёқилғи бозори барқарорлигини таъминлаш дастурининг илк босқичи, холос.
Келгусида ички бозор ривожланишини рағбатлантириш мақсадида юқори октанли ёқилғи нархларини босқичма-босқич пасайтириш режалаштирилган.