Бугун "Дўстлик" Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотларининг навбатдаги давраси бошланади
(Сурат: «Дунё» АА)
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Ҳиндистоннинг Пуна шаҳридаги "Аундҳ" халқаро машғулотлар базасида VI "Дўстлик" Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотлари бошланмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.
Сешанба куни эрта тонгда навбатдаги қўшма машғулотларда иштирок этиш учун Ўзбекистон ҳарбийлари делегацияси Ҳиндистонга етиб келди.
2019 йилдан бери мунтазам тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур ўқув машғулотлари икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадларига қаратилган.
Улар Ўзбекистон ва Ҳиндистонда навбатма-навбат ҳар йили ўтказилмоқда. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий мутахассислари V "Дўстлик" машғулотлари доирасида "Термиз" ҳарбий полигонида маҳорат оширган эди.
Қўшма машғулотлар 28 апрелгача давом этади.