Валюта курслари 17/06/2025
$1 – 12715.13
UZS – -0.35%
€1 – 14730.48
UZS – 0.17%
₽1 – 161.75
UZS – 1.04%
Қидириш
Иқтисод 16/06/2025 Будапештда Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди

Будапештда Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Савдо-саноат палаталари иттифоқининг навбатдан ташқари Бош Ассамблея йиғилишида иштирок этди.

Йиғилиш муҳим ва тарихий воқеага — Венгрия Савдо-саноат палатасининг Иттифоқнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилинишига бағишланди.

Даврон Вахабов ўз нутқида Венгрия Савдо-саноат палатаси раиси Элек Надни қутлаб, Венгрия Савдо-саноат палатасининг тўлақонли аъзоликка қабул қилиниши нафақат Иттифоқнинг географиясини кенгайтириши, балки Европа ва Туркий дунё ўртасидаги иқтисодий, маданий ва гуманитар кўприкни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Йиғилиш доирасида сентябрь ойида Ўзбекистон – Венгрия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, шу орқали икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида янги лойиҳалар ва инвестициявий имкониятларни муҳокама қилиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, август ойида Самарқанд шаҳрида “Аёл тадбиркорлар форуми”ни ўтказиш ташаббуси билдирилди. Ушбу форум туркий давлатлар ва Венгриядаги фаол аёл бизнес вакилларини бирлаштириш, тажриба алмашиш ҳамда гендер тенглигига асосланган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайди.

Шунингдек, етакчи экспортёрлар билан алоҳида учрашув ташкил этиб, туркий мамлакатлар ва Яқин Шарқ бозорида амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма инвестициявий ва савдо лойиҳалари муҳокама қилишга келишиб олинди.

Будапештдаги йиғилиш туркий давлатлар ва Венгрия ўртасидаги дўстона алоқалар, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликнинг янада юқори босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг