Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Спорт 12/07/2025 «Бу кутилмаган ҳолат эди»: Улуғбек Рашитов ўз дисквалификацияси бўйича изоҳ берди

«Бу кутилмаган ҳолат эди»: Улуғбек Рашитов ўз дисквалификацияси бўйича изоҳ берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Таэквондо бўйича икки карра Олимпия чемпиони Улуғбек Рашитов допингга қарши қоидаларни бузганлиги учун икки йилга мусобақалардан четлатилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

Халқаро допинг синовлари агентлиги сайтидаги маълумотга кўра, ўзбекистонлик спортчи бир йил ичида уч марта ўз жойлашуви тўғрисида маълумот бериш мажбуриятини бузган.

Рашитов ушбу ҳолат юзасидан ўзининг Instagram саҳифасида изоҳ бериб ўтди. У таъкидлашича, жазо тақиқланган моддаларни қўллаганлик учун эмас, балки айнан жойлашув ҳақида маълумот бериш тартиби бузилгани учун қўлланган. У тушунтиришича, ҳар бир спортчи махсус электрон тизим орқали кунлик равишда яшаш манзили, сафар йўналишлари ва тунда қоладиган жойлар тўғрисида маълумот киритиб бориши шарт.

Таэквондочининг айтишича, қоидалардан бири 2024 йил ноябрида рўй берган — ўша куни допинг офицерлари соат 6:00 да унга келишган, ҳолбуки Рашитов тизимда соат 21:00 деб кўрсатган. «Бу қадар эрта келишларини умуман кутмаганман. Ҳатто ҳеч ким қўнғироқ ҳам қилмади — фақат SMS келди. Кейинроқ менга ҳеч қандай истиснолар бўлмаслиги ҳақида маълум қилишди», — дейди Рашитов. Унинг сўзларига кўра, тўрт ой ўтгач, бу ҳолат қоидабузарлик сифатида қайд этилгани ва дисквалификация қарор қилингани ҳақида расмий хабардор қилинган.

Спортчи мазкур қарор уни мутлақо ҳайратга солганини тан олди. «Мен шок ҳолатида эдим. Охирги марта мендан 22 апрел куни намуна олишди, "тоза" эканимни тасдиқлашди, шундан кейин ана шундай қарор қабул қилинди. Энди эса бўлган иш бўлди, ўзгартириш мумкин эмас», — деди у.

Содир бўлган воқеаларга қарамай, Улуғбек Рашитов келажакка нисбатан ижобий кайфиятда қолмоқда. У машғулотларни давом эттириш ниятида эканини билдириб, 2028 йили Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этишга ишонч билдирган. «Ўз юртимни муносиб намоён этиш учун бор кучимни — ҳатто имконимдан ортиқни ҳам — ишга соламан», — дея таъкидлади у ва мухлисларга кўрсатган қўллаб-қувватлашлари ҳамда тушунувлари учун миннатдорчилик изҳор этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР