Брюсселда Ўзбекистон иштирокидаги янги инвестиция ва савдо лойиҳалари бўйича музокаралар бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Брюсселда Европа Комиссияси, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарияти, шунингдек, Бельгия ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда инфратузилма, энергетика ва алоқа соҳаларидаги лойиҳалар, шунингдек, йирик икки томонлама тадбирлар ва халқаро иқтисодий форумларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Яшил иқтисодиёт, барқарор логистика ва янги тармоқларга инвестициялар жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу йил ноябрь ойида Ўзбекистон ва Брюсселда савдо миссияларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Улар доирасида давлат тузилмалари ва бизнес вакиллари билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар ташкил этилади.
Компаниялар билан учрашувларда фармацевтика, рақамли технологиялар, капитал бозорлар, транспорт ва инновацион тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунлари Европа Иттифоқи ва Бельгия томонининг Ўзбекистон билан шерикликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини кўрсатди.