Бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўрсатаётган хизматлари ҳолати юзасидан парламент сўрови юборилади
Бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўрсатаётган хизматлари ҳолати юзасидан парламент сўрови юборилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 12-ялпи мажлисида бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолига уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни тубдан яхшилаш ҳамда коммунал хизматларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш орқали унинг самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида соҳани тартибга солишга оид 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Бугунги кунда республикамизда 44 280 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, улардаги 1,5 миллиондан ортиқ хонадонларга 971 та бошқарув сервис компанияси ва 241 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатмоқда.
Ялпи мажлисда сенаторлар уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни яхшилаш ҳамда коммунал хизматларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ва ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга ҳам эътибор қаратди.
Жумладан, айрим бошқарув компаниялари томонидан мажбурий бадалларни белгилашда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунга риоя қилмаслиги ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида уй-жой мулкдорларига ўз вақтида ҳисобот бермаслиги мулкдорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг розилигисиз уй ертўласи ижарага берилиши, шунингдек, ижарага берилган умумий мол-мулкнинг ижараси тўғрисидаги маълумотлар “Mening uyim” биллинг тизимига бириктирилмагани ҳамда бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилмаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама якунида шу каби бир қатор масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.