Болгария етакчиси IT Park Uzbekistan фаолияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Болгария Республикаси Президенти Румен Радев расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Олий мартабали меҳмон ташриф доирасида пойтахтимизда жойлашган IT Park Uzbekistanга бориб, мажмуа фаолияти билан яқиндан танишди. Президентга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлик қилди.
Болгария делегацияси вакилларига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйилган ушбу замонавий масканда амалга оширилаётган ислоҳотлар, асосий йўналишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.
IT Park Uzbekistan– давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган технология маркази. Ташкилот стартаплар ва рақамли хизматлар экспортчиларини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонни глобал IТ марказига айлантиришга қаратилган.
Мутахассислар иш жараёни билан таништирилди, турли стараплар тақдимот қилинди. Хусусан, сунъий интеллект ва рақамли ечимлар соҳасидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Технологик паркда ахборот технологиялари ташкилотлари, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради.
Болгария Президенти яратилган шароитлар билан танишар экан, бундай парклар ёшларни турли халқаро лойиҳаларга жалб этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашда жуда муҳимлигини таъкидлади.