Божхоначилар Бўстонлиқ туманида саккизта ноёб лочинни ноқонуний олиб ўтишга уринишнинг олдини олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхоначилар Бўстонлиқда табиат қўйнидан 8 бош лочинни овлаб, республикамиздан ноқонуний олиб чиқишга уринган шахсларни тўхтатиб қолишди.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Бўстонлиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс «Оқтош» қўриқлов пунктида давлат чегарасини бузиб ўтган ҳолда ҳаракатланаётганида тўхтатиб қолинди.
Бу эса бежиз эмас экан - ушбу шахснинг ёнидаги сумка белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг ичида 8 бош тирик лочин қушлари борлиги аниқланди.
Ноқонуний равишда олиб ўтишда атрофдагиларга сездирмаслик учун қушларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинган - қушларнинг кўз ва оёқлари боғлаб қўйилган, қанотлари эса скотчланган, шунингдек тор ҳажмдаги сумкага зичлаб жойланган.
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассисларининг маълумотларига кўра, ушбу лочинлар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Ҳозирда қушлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.