Боғчалардаги заҳарланишлар бўйича аутсорсинг компанияларига қарши жиноят иши очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан бир нечта аутсорсинг компанияларига қарши жиноят иши қўзғатилди, деб хабар қилди вилоят прокуратураси.
Ҳодиса 24 сентябрь куни Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларида содир бўлган. Бир қатор мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларда озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов иши синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Тергов давомида ушбу аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши, ташхис-даволаш ишлари ташкил этилди.
Ҳозирда, тиббий ёрдам кўрсатилган болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар мавжуд эмас, вазият шифокорларнинг тўлиқ назоратида.
Шунингдек, юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида прокуратура органлари томонидан барча давлат мактабгача таълим муассасаларига аутсорсинг шартномаси асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилиши аҳволи юзасидан ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, унинг якуни бўйича оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади.