Бўзсув каналини ифлослантиргани учун 1,5 миллиард сўм товон пули тайинланиб, жиноят иши қўзғатилган
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида Бўзсув каналининг ифлосланиши учун 1,5 миллиард сўм товон пули белгиланди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда каналга оқава сув оқаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган ва бу экспертиза томонидан тасдиқланган эди.
Оқова сувларнинг чиқиш жойларидан олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, “Бўзсув аэрация иншооти”нинг биринчи сонли ташламасида муаллақ моддалар чекланган миқдордан 23,7 марта, аммоний иони 101,9 марта, азот нитрит 3,5 марта, сульфатлар 2,3 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 19,6 марта, нефть маҳсулотлари 2,52 марта, мис 4,16 марта, темир 12,4 марта юқори эканлиги аниқланган.
Шунингдек, объектнинг учинчи сонли ташламасида муаллақ моддалар белгиланган миқдордан 22,1 марта, аммоний иони 19,9 марта, азот нитрит 8,5 марта, сульфатлар 2,8 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 17 марта, нефть маҳсулотлари 1,78 марта, мис 3,3 марта, темир 3,6 марта юқори эканлиги маълум бўлди.
Дастлабки текширув давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ҳамда оқова оқизганлик оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланди.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан ЖКнинг 205- ва 207-моддалари билан “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзгатилган. Айни дамда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.