БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори билан учрашув ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабина Махл билан учрашди.
Унда дастлаб Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, туризмни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик, маданий мерос объектларига эътиборни кучайтириш, уларни асраб-авайлаш, ўтмишдан дарак берувчи тарихий обидалар, кўп асрлик маданиятимиз ва миллийлигимиз дурдоналарини эъзозлаш, уларнинг ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилишини таъминлаш, илм-фан, маданият йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, миллий меросимиз бўлган ижрочилик санъатининг энг сара намуналари ҳисобланган бахшичилик, жировчилик, қиссахонлик, опера санъатлари бизда кенг ривожланганлиги, сўнгги йилларда мусиқий меросимиз бўлган Қўбиз ва жировчилик анъаналарини муҳофаза қилишга ҳамда жировчилик санъатини янада ривожлантиришга юқори эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг алоҳида топшириғи билан Қора уйни (Қорақалпоқ ўтови) ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерослари рўйхатига, Қўбиз чолғусини эса ЮНЕСКОнинг муҳофаза рўйхатига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, амалий ишлар доирасида Қорақалпоғистоннинг маданий меросини асраб-авайлаш ва келажак авлодлар учун сақлаб қолиш мақсадида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан Қўбиз чолғу асбоби ҳамда жировчилик мероси ҳақида ҳужжатли фильм тайёрланди.
Учрашув якунида Жўқорғи Кенгес Раиси ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида республика раҳбарлари доимо тайёр эканлигини ва ҳар қандай таклиф қўллаб-қувватланишини таъкидлади.