БМТ штаб-квартирасида «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нью-Йорк шаҳридаги БМТ штаб-квартирасида «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда БМТ раҳбарияти, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда журналистларни ўз ичига олган қарийб 100 нафар киши иштирок этди.
Тақдимот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг асосий босқичлари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ислоҳотларни «сиёсий жасорат, стратегик ёндашув ва ижтимоий йўналтирилганликни уйғунлаштирган комплекс трансформация» сифатида юксак баҳоладилар ва ўзгаришлар давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамли ривожланиш каби энг муҳим соҳаларни қамраб олганини таъкидладилар.
БМТ вакиллари, хорижий давлатлар дипломатлари ҳамда журналистлар Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий ўзгаришлар миқёси улкан эканини қайд этиб, уларнинг таъсири миллий чегаралардан ташқарига чиқиб, бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиётига хизмат қилаётганини таъкидладилар.