БМТ Ҳамкорлик Дастурининг биринчи йиғилиши Тошкентда бўлиб ўтди

БМТ Ҳамкорлик Дастурининг биринчи йиғилиши Тошкентда бўлиб ўтди

БМТ Ҳамкорлик Дастурининг биринчи йиғилиши Тошкентда бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида БМТнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган барқарор ривожланиш бўйича Ҳамкорлик дастури Бошқарув қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Шунингдек, йиғилишда БМТ тизими ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида Ҳамкорлик дастурининг асосий устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Дастур доирасида адолатли ва самарали давлат бошқарувини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, шунингдек, Оролбўйи ҳудудини барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков БМТнинг мазкур барқарор ривожланиш бўйича Ҳамкорлик дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ўзаро уйғун жиҳатларига алоҳида тўхталиб, ҳар икки ҳужжатнинг ижтимоий йўналтирилганлиги, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, экологик мақсадлар муштараклиги ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Марказ раҳбари мазкур Ҳамкорлик дастурининг самарали ва изчил олиб борилиши “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини муваффақиятли амалга оширишга ижобий таъсир кўрсатишини алоҳида қайд этди.

Йиғилишда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилган 2021–2025 йилларга мўлжалланган дастур натижалари сарҳисоб қилиниб, амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ва устувор вазифалар муҳокама этилди.

Шу билан бирга, келгуси йилларда БМТ томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар юзасидан тақдимотлар тингланди.

Маълумот учун, ушбу Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўртасида 2025 йил 5 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувлар асосида ишлаб чиқилган ҳамда 2025 йил 24 октябрь куни тасдиқланган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг