BMB HOLDING ва Uz Trade House Germany ҳамкорликни кенгайтиришга интилишади
BMB HOLDING ва Uz Trade House Germany ҳамкорликни кенгайтиришга интилишади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги Элчихонаси кўмагида Берлин шаҳрида BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Германиянинг Uz Trade House Germany компанияси бош директори жаноб Жонни Бакос билан музокаралар ўтказди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жаноб Бакос билан Холдинг вакиллари ўртасидаги аввалги учрашувларда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилган эди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Uz Trade House Germany томонидан 2025 йил декабрь ойида ташкил этилган савдо уйи шоурумида Made in Uzbekistan бренди остида миллий экспортбоп маҳсулотлар қаторида BMB HOLDING корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этилган.
Мулоқот давомида, жаноб Бакос BMB HOLDING томонидан Германия бозорига бир қатор компаниялар ҳамкорлигида мамлакатимизда етиштирилган ва қайта ишланган маҳсулотлар етказиб берилаётгани, шу орқали экспорт ҳажми йил сайин барқарор ошиб бораётганини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, BMB HOLDING ҳамда Uz Trade House Germany компанияси раҳбарлари тез кунда Ўзбекистондан Германия ва Европа бозорларига BMB Za’faron маҳсулотлари, шунингдек, чуқур қайта ишланган турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан келишувга эришдилар.
Умуман олганда, мазкур учрашув BMB HOLDINGнинг Германия бизнес доиралари билан самарали ва барқарор савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга қаратилган стратегиясини изчил давом эттириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Шундан сўнг Германияга қилинган ташриф ўз якунига етиб, BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Индонезиянинг Жакарта шаҳрига жўнаб кетди.