BMB HOLDING ва AGROTEC GMBH 15 миллион евролик инвестиция шартномасини имзоладилар
BMB HOLDING ва AGROTEC GMBH 15 миллион евролик инвестиция шартномасини имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 27 январь куни BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Австриянинг Вена шаҳрига жўнаб кетди.
Европанинг қатор мамлакатларига режалаштирилган ишчи сафар доирасида Ҳолдинг асосчиси хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, истиқболли қўшма инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш юзасидан бир қатор музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Бугун Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида Вена шаҳрида Ҳолдинг Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов узоқ йиллик бизнес ҳамкори AGROTEC GMBH компанияси президенти Борис Кандов билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмлари йилдан-йилга тобора ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, BMB HOLDING ҳамда AGROTEC GMBH компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган AGROINVEST Австрия-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам музокараларнинг диққат марказида бўлди.
Айниқса, Ҳолдинг томонидан етиштирилган ва чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорларига тезкор ва юқори сифат стандартлари асосида етказиб бериш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган музокаралар натижасида томонлар AGROINVEST қўшма корхонаси фаолиятини тизимли равишда жадаллаштириш, шунингдек, яқин келажакда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги қўшма инвестиция лойиҳаларини мамлакатимизда амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Музокаралар якунида BMB HOLDING ҳамда AGROTEC GMBH компаниялари ўртасидаги экспорт-импорт ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида, умумий қиймати 15 миллион евролик инвестицион шартнома имзоланди.